Yangiliklar

So‘ngi yangiliklar

янв.21
IJTIMOIY HIMOYAGA MUHTOJ OILALARNI QO‘LLAB-QUVVATLASH ISHLARI O‘RGANILDI
янв.21
MAHALLA FAOLLARI VA NURONIYLAR BILAN UCHRASHUV O‘TKAZILDI
янв.21
XONOBOD MAHALLASIDA TADBIRKORLIKNI RIVOJLANTIRISH ISHLARI TAHLIL QILINDI
янв.21
OILAVIY POLIKLINIKA FAOLIYATI O‘RGANILDI
янв.21
HOKIM YORDAMCHISI FAOLIYATI MANZILLI O‘RGANILDI
янв.21
GULCHILIK ORQALI TADBIRKORLIK RIVOJLANTIRILMOQDA
янв.21
“YANGI O‘ZBEKISTON QIYOFASIDAGI MAHALLA” DASTURI DOIRASIDA AMALGA OSHIRILAYOTGAN ISHLAR O‘RGANILDI
янв.21
INFRATUZILMA LOYIHALARINING IJROSI DEPUTATLAR EʼTIBORIDA
янв.21
YUQORI QO‘RG‘ONCHA MAHALLASIDA XOTIN-QIZLAR FAOLIYATI O‘RGANILDI
янв.21
Doimiy komissiya yig‘ilishida xotin-qizlar bandligi va tadbirkorligi masalalari ko‘rib chiqildi
Ўзбекистон – дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт

 Сўнгги йилларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири — жамиятда миллатлараро
тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта
ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга
ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялашга йўналтирилган кенг миқёсдаги ишлар амалга
оширилди.
 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоидалари турмушга фаол татбиқ этилмоқда,
бу қоидалар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари миллатидан қатъий назар
Ўзбекистон халқини ташкил этишини, шунингдек, мамлакат ҳудудида яшовчи миллат
ва элатларнинг тили, урф-одати ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлишни
кафолатлайди.
 

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Муҳтарам Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябдаги Фармонига мувофиқ
тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам айнан дўстлик ва ҳамжиҳатлик
муносабатларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.
 

Бағрикенглик қон-қонига сингиб кетган халқимиз азал-азалдан турли миллат вакиллари билан
оға-инилардек, дўст-биродар бўлиб яшаган. Табиатан меҳр-оқибатли, саховатпеша
халқимиз шўролар замонида қатағону қувғинга учраган кўплаб миллат вакилларига
ўз уйидан бошпана берди, оғир дамларда бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди.
Бу ўзбекона фазилатлардан баҳраманд бўлган корейс, немис, турк, поляк, юнон,
қрим-татар ва бошқа миллатларга мансуб кишиларнинг кўпчилиги шу элда доимий
қўним топди, халқимизга хос дўстона муносабатлар боис қаддини тиклади. Уларнинг
зурриёдлари эса шу заминда туғилди, шу ерда таълим-тарбия олиб вояга етди, шу
масканда оилали бўлди, обрў-эътибор қозонди. Улар учун Ўзбекистон ҳақиқий Ватан
бўлиб қолди.
 

Миллатлараро тотувлик истиқлол йилларида янада мустаҳкамланди. Халқимизнинг минг йиллик анъаналари,
азалий қадриятлари қаторида миллатлараро тотувлик, бағрикенглик хислатлари
янада яққолроқ намоён бўлди.
 

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қашқадарё вилоятида ҳам 30 дан ортиқ турли миллат ва
элат вакиллари ўзаро тинч-тотув, бирдамлик, баҳамжиҳатликда юрт равнақи, эл фаровонлигига
муносиб ҳисса қўшиб яшаб келмоқдалар. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний
манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, ўз қизиқиш ва лаёқатлари бўйича
касб-ҳунар эгаллашлари, маданият, урф-одат, анъаналарини сақлаш ҳамда
ривожлантиришлари учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилган. Барча
миллат вакиллари давлат бошқаруви, иқтисодий-ижтимоий ҳамда маданий жараёнларда
кенг ва эркин иштирок этмоқда.
 

Айни пайтда вилоятда 6 та, яъни вилоят
Рус, Татар-Бошқирд, Туркман, Тожик, Араб миллий маданий марказлари ҳамда Тожик
марказининг Деҳқонобод тумани бўлими
фаолият
юритиб келмоқда.
 

Мазкур маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга амалий ва услубий ёрдам
кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Мамлакатимизда кенг нишонланадиган “Наврўз”,
“Мустақиллик”, “Янги йил” байрамлари, Конституция қабул қилинган кун сингари
муҳим саналарга бағишланган оммавий байрам тадбирларида “Сударушка”, “Ал-Арабия”,
“Қуёш” каби миллий-маданий марказлар қошида ташкил этилган миллий-этнографик
гуруҳлар фаол иштирок этмоқда. Уларнинг чиқишларида ҳам юртимизда миллатлараро
тотувлик, ҳамжиҳатлик ўз аксини топмоқда.
 

Шу ўринда, вилоятда хозирги кунда жами 3 639 318 нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, уларнинг 255 618 нафари,
яъни 7,02 фоизини турли миллат вакиллари ташкил этади.
 

Вилоятда яшаб келаётган бошқа миллат вакилларининг асосий қисми Қарши шаҳри ҳамда Миришкор, Деҳқонобод,
Китоб, Шаҳрисабз, Нишон туманлари ҳиссасига тўғри келади.
 

Ҳар бир миллатнинг тили унинг учун тенгсиз хазинасидир. Айнан вилоятда миллат ва элатларнинг ўз тилларини асраши,
ўрганиши учун алоҳида шароитлар яратилган. Хусусан, ҳозирги кунда вилоят бўйича
26 та мактабда дарс машғулотлари тўлиқ тожик тилида, 3 та мактабда эса рус
тилида ўқувчиларга сабоқ берилмоқда. Шунингдек, 48 та мактабларда аралаш қардош
тилларда 2500дан ортиқ малакали ўқитувчилар машғулотларни олиб боришаётганлиги
ҳам бу борадаги самарали фаолиятнинг яққол далилидир.
 

Бугун вилоятимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўзбек тилида эркин сўзлаша олади, уларнинг
миллий урф-одатлари ўзбек халқи томонидан алоҳида эътибор билан кузатилади,
қаттиқ ҳурмат қилинади.
 

Айниқса, миллий-маданий марказлар томонидан ўқув юртларида, маҳаллаларда ўтказилаётган
учрашувлар, суҳбатлар ва турли тадбирлар миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашда
муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон — умумий уйимиз”, “Ватан ягонадир,
Ватан биттадир”, “Қудратимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда” каби шиорлар остидаги
ўтаётган фестиваллар кўп миллатли воҳамиз аҳолининг чинакам дўстлик байрамига
айланиб улгурган.
 

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз ер юзидаги турфа хил маданиятлар гуллаб-яшнаётган мамлакатлардан бири эканлиги
ҳар бир ўзбекистонликка фахр-ифтихор бағишлайди. Кўпмиллатлилик ва
кўпмаданиятлилик – бу бизнинг миллий бойлигимиз десак асло муболаға бўлмайди.
Ўзбекистонни ўз Ватани деб билиб, унинг тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат
қилаётган турли миллатга мансуб юртдошларимизнинг ҳар бири, шубҳасиз, буни
теран ҳис қилади, англайди.
 

  

  

Даврон ШОДМОНОВ  

  

“Юксалиш”
ҳаракати Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари,
вилоят Кенгаши депутати