Jańalıqlar

СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИНИ БОШЛАБ БЕРМОҚДА

21 октябр куни давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишни катта қизиқиш билан кузатдим.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек ҳақиқатдан ҳам бугун сунъий интеллект технологиялари кириб бормаган бирорта соҳа қолмаяпти. Дунё иқтисодиётида суъий интеллект ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Ўзбекистонда ҳам бу бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилди ҳамда қисқа вақт ичида давлат хизматлари, банк-молия, жамоат хавфсизлиги, транспорт каби йўналишларда кўплаб пилот лойиҳалар ишга тушди.

Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан ўтган йили юртимизда тасдиқланган Сунъий интеллектни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси, Рақамлаштириш вазирлигида бу соҳа билан ишлайдиган алоҳида марказнинг ташкил этилгани ўз самарасини бериб, бир йил ичида мамлакатимизнинг сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилагани, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллагани барчамизга мамнуният бағишлайди.

Сунъий интеллект инфратузилмасига сармоя киритадиган инвесторларга имтиёзлар берилиши, импорт ускуналари божхона тўловидан озод этилиши кўрсатиб ўтилди. Олис ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш учун кейинги йилдан “спутник интернет” операторлари фаолияти йўлга қўйилиши, уларнинг беш йилга ер, мол-мулк, фойда ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши белгиланди.

Йиғилишда шунингдек, Сунъий интеллект дастурлари самарали ишлаши учун улар, аввало, ўзбек тилини мукаммал даражада тушуниши зарурлиги, бунинг учун ўзбек тилидаги адабиётлар, маълумотлар, мақолалар, ҳисоботлар, илмий ишларни рақамлаштириш, сунъий интеллект миллий маданиятимиз ва қадриятларимизни ўзида ифодалай олиши учун “Ўзбек тили корпуси”ни яратиш зарурлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Президентимиз сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрлашни энг аввало мактаблардан бошлаш кераклигини, шу муносабат билан кейинги ўқув йилидан “Информатика” фани ўқув дастурларига сунъий интеллектга оид мавзулар киритилиши зарурлигини билдирди.

Ёшларнинг сунъий интеллектдан фойдаланишга доир ғояларини аниқлаш ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳасининг кенгайтирилиши ва бу бўйича миллий танлов ўтказилиб, энг юқори натижа кўрсатган ёшлар, уларнинг устозлари ва таълим ташкилотларининг муносиб рағбатлантирилиши соҳага бўлган қизиқишнинг янада ортишига хизмат қилади.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари битта ҳақиқатни баралла айтди. “Бугун инсоният янги сивилизатсия босқичига – сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда. Қайси соҳа бўлмасин, ким бу жараёнда қаттиқ изланиб, аниқ натижа қилса, бир қадам олдинда юрса, марра шуники бўлади”.

Президентимиз томонидан йиғилишда соҳага оид белгилаб берилган вазифаларни вақтида, астойдил бажара олсак албатта натижамиз ёмон бўлмайди, Ўзбекистон сунъий интеллект соҳасида ҳам халқаро ҳамжамиятда ўз ўрнига, ўз сўзига эга бўлади. Халк депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгаши депутати Сидиков Дилшод Хасанбой ўғли