Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси И.Хушмуродова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили Л.Саодатова томонидан Қашқадарё вилоятидаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган қатор муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Мониторингларда Омбудсман ҳузуридаги Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолларининг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этди.
Қарши шаҳридаги 35-сон манзил колонияси ҳамда 3 ва 2-сон жазони ижро этиш колониялари, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Қашқадарё вилояти филиалидаги шароитлар кўздан кечирилди.
Мониторинг давомида муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш ва овқатланиш шароитлари, тиббий хизматдан фойдаланиши, меҳнатга жалб этилиши, яқинлари билан учрашув ва телефон орқали мулоқот қилиш ҳуқуқларининг таъминланиши, санитария-гигиена ҳолати ҳамда видеокузатув воситаларининг ишлаши ўрганилди.
Шунингдек, 2 ва 3-сон жазони ижро этиш колонияларида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган “Иккинчи имкон” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди.
Ушбу лойиҳа доирасида 30 ёшгача бўлган маҳкумлар ахборот технологиялари соҳаси ҳамда ҳорижий тиллар бўйича малакали мутахассислар жалб қилинган ҳолда ўқитилмоқда. Лойиҳа ёшларнинг замонавий касблар ва хорижий тилларни эгаллаши, озодликка чиққанидан сўнг ишга жойлашиши ҳамда ижтимоий ҳаётга мослашишига кўмаклашишга қаратилган.