Yangiliklar

Инсон хотирасига эҳтиром — юксак қадрият

 Ўзбекистон
Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида
атоқли давлат ва жамоат арбоби Каллибек Камаловнинг хонадонига ташриф буюриб,
марҳум хотирасига эҳтиром кўрсатгани, оила аъзолари ва яқинларининг ҳолидан
хабар олгани халқимиз қалбида катта таассурот қолдирди. 

Давлатимиз
раҳбарининг бу ташрифи, аввало, инсон қадри ва хотирасига бўлган юксак
эътиборнинг ёрқин намунасидир. Ташриф давомида Қуръони карим тиловат қилиниб,
марҳумнинг ҳаққига дуои фотиҳа қилингани, унинг ибратли ҳаёт йўли, эл-юрт
равнақи йўлида амалга оширган эзгу ишлари ва кўп йиллик самарали меҳнати ёдга
олингани барчамиз учун катта маънавий аҳамиятга эга. 

Каллибек Камалов
бутун фаолияти давомида Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти,
аҳоли фаровонлигини таъминлаш, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш,
ҳудуднинг салоҳиятини юксалтириш йўлида сидқидилдан меҳнат қилган фидойи
раҳбарлардан бири эди. Унинг ҳаёт йўли ва меҳнат фаолияти бугунги авлод учун
ўзига хос ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. 

Айниқса, давлатимиз
раҳбарининг марҳумнинг ҳаёт йўли ва хизматларини юксак эҳтиром билан ёдга
олгани, ўтганлар хотирасини қадрлаш, катта авлод вакилларини эъзозлаш ёш авлод
тарбиясида муҳим ўрин тутишини таъкидлагани эътиборга моликдир. 

Зеро, халқимизда
азалдан инсонни тириклигида қадрлаш, ҳаётдан кўз юмганлар хотирасини эъзозлаш,
уларнинг эзгу ишларини ёдда сақлаш каби улуғ қадриятлар шаклланган. Бугунги
кунда ушбу анъаналар давлат сиёсати даражасида давом эттирилаётгани, инсон
қадри ва унинг шаънини улуғлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани барчамизга
ғурур бағишлайди. 

Президентимизнинг
Каллибек Камалов хонадонига ташрифи нафақат марҳум хотирасига ҳурмат, балки
унинг оиласи ва яқинларига кўрсатилган юксак эътибор ва маънавий кўмак сифатида
ҳам катта аҳамият касб этади. Бундай ғамхўрлик халқ ва давлат ўртасидаги ўзаро
ҳурмат, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик тамойилларининг нақадар муҳим эканини яна
бир бор намоён этади. 

Биз, халқ вакиллари
сифатида, давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифидан катта маънавий сабоқ оламиз.
Айниқса, катта авлод вакилларининг ҳаёт тажрибаси, уларнинг эл-юрт олдидаги
хизматларини қадрлаш, улар қолдирган эзгу меросни асраб-авайлаш ва ёш авлодга
етказиш ҳар биримиз учун муҳим вазифадир. 

Каллибек Камалов
сингари юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшган инсонларнинг номи ва эзгу ишлари
халқимиз хотирасида абадий сақланади. Уларнинг ҳаёт йўли ёш авлодни Ватанга
садоқат, халққа хизмат қилиш, масъулият ва фидойилик руҳида тарбиялашда муҳим
аҳамият касб этади. 

Президентимизнинг
Қорақалпоғистонга ташрифи ва инсон хотирасига бўлган бундай юксак эҳтироми
барчамизни янада бирлаштириб, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида
сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди. 

Каллибек Камаловнинг
порлоқ хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланади. Марҳумнинг жойлари жаннатдан,
охиратлари обод бўлсин. Яқинларига сабр-тоқат ва матонат тилаймиз. 

Халқ депутатлари
Кегейли туман Кенгаши раиси

Б. Матеков  

Slide 1 of 1