АҲОЛИ УЧУН ҚУЛАЙ ВА ХАВФСИЗ ЙЎЛ БАРПО ЭТИЛМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори асосида Янгиқўрғон туманида Исковот қишлоғини Косонсой тумани билан боғловчи автомобиль йўлининг 6 километр қисмида реконструкция ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Қиймати 28,8 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа «401-хўжаликлараро махсус механизациялашган кўчма колонна» МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда. Реконструкция ишлари якунлангач, ушбу йўл замонавий талабларга жавоб берадиган, аҳоли учун қулай ва хавфсиз транспорт қатновини таъминлайдиган муҳим йўл инфратузилмасига айланади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳамда Янгиқўрғон тумани ҳокими, Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши депутати Асадулла Нажмиддинов объектда бўлиб, олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишларини кўздан кечирдилар.
Ўрганиш жараёнида мутасаддиларнинг ахбороти тингланиб, ишларни сифатли бажариш, белгиланган муддатларга қатъий риоя этиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур йўлнинг реконструкция қилиниши аҳолининг манзилига хавфсиз ва қулай етиб бориш имкониятини кенгайтириш, ҳудуднинг йўл инфратузилмасини янада яхшилаш, қишлоқлар ўртасидаги транспорт қатновини енгиллаштириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.