Президентимиз ташаббуси билан бу йилги байрам «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» ғояси остида ўтказилаётгани бежиз эмас. Бу ғоя халқимизнинг бирдамлиги, миллатимизнинг буюк мақсадларга интилиши ва юртимизнинг равнақли келажагини англатади.
Ватан – ҳар биримизнинг муқаддас қадамжойимиз, бебаҳо бойлигимиздир. Унинг тинчлиги ва мустақиллиги йўлида хизмат қилиш – ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи.
Мустақиллик йилларида юртимиз барқарор ривожланиш йўлидан борди, миллий армиямиз, иқтисодиётимиз, маданиятимиз ва илм-фанимиз тараққий этди.
Партия фаоли сифатида мен миллатимиз бирдамлиги, ёшларимизнинг маънавий ва интеллектуал камолоти, хотин-қизларимиз ва нуронийларимизнинг қадрини улуғлаш учун доим фаолият олиб бораман. Чунки, миллатнинг юксалиши – мамлакатнинг тараққиётидир.
Янги Ўзбекистонда ҳар бир ислоҳот, ҳар бир қарор халқ манфаати учун амалга оширилаяпти. Президентимиз раҳнамолигида халқ давлат идораларига эмас, балки давлат халққа хизмат қиладиган тизим барпо этилди. Шу йўлда биз – партия фаоллари ва депутатлар – халқимизнинг дарду ташвишларига қулоқ тутиш, муаммоларни ҳал қилиш, адолатни таъминлаш учун масъулмиз.
“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» шиори – бу шунчаки сўз эмас, балки амалий ҳаракат, фидойилик ва жонкуярликка чорловдир.
Ҳар биримиз қалбимизда шу шиор билан яшасак, мамлакатимиз янада юксалади, халқимиз янада фаровон ҳаёт кечиради.
Меҳриноз АБДИЯЗОВА,
“Адолат” СДП Шовот туман Кенгаши раиси