ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЕРЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИ МАСАЛАСИ СЕССИЯДА КЎРИБ ЧИҚИЛДИ
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЕРЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИ МАСАЛАСИ СЕССИЯДА КЎРИБ ЧИҚИЛДИ Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига бўлган эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқини ижара ҳуқуқига ўзгартириш масаласи муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 12 сентябрдаги ПФ–172-сонли Фармонига мувофиқ, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер эгалари ва ердан фойдаланувчиларга ўз ҳуқуқларини 2027 йил 1 январга қадар халқ депутатлари туман Кенгаши қарори асосида ижара ҳуқуқига ўзгартириш имконияти берилган. Ўрганишлар натижасида Янгиқўрғон туманида 589 нафар фуқаро фойдаланиб келаётган, умумий майдони 761,39 гектар бўлган қишлоқ хўжалиги ерларига нисбатан ижара ҳуқуқи белгиланмагани ҳамда ушбу ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмагани аниқланган. Сессияда мазкур фуқароларнинг ер участкаларига бўлган эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқини 30 йил муддатга ижара ҳуқуқига ўтказиш масаласи депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокамалар якуни бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, масъул ташкилотларга ижара ҳуқуқини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда фуқароларга зарур амалий кўмак кўрсатиш вазифалари юклатилди.