Қораполвон ва Радивон маҳаллаларини боғловчи кўприк қайта қурилмоқда
Янгиқўрғон туманида аҳоли учун қулай ва хавфсиз инфратузилма яратиш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Хусусан, кўп йиллардан буён “Қораполвон” ҳамда “Радивон” маҳаллаларини ўзаро боғлаб турувчи Намангансой устидаги кўприкнинг эскириб қолгани, транспорт ҳаракати ва пиёдалар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётгани аҳоли томонидан кўп бор билдириб келинаётган масалалардан бири эди.
Мазкур муаммони бартараф этиш, фуқаролар учун янада қулай ва хавфсиз шароит яратиш мақсадида бугунги кунда ушбу ҳудудда янги кўприк қурилиши ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Қурилиш ишлари “MARJONA SHAHNOZA” МЧЖ томонидан амалга оширилиб, лойиҳа учун жами 4 миллиард 500 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Янги кўприк замонавий муҳандислик талаблари асосида қурилиб, унинг мустаҳкамлиги, узоқ йиллар хизмат қилиши ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашига алоҳида эътибор қаратилмоқда.