Yangiliklar

So‘ngi yangiliklar

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

Бугун, 17 май куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг 79-сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида вилоят секторлари, тегишли вилоят бошқармалари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари, сиёсий партиялар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотлари, вилоят ҳокимлиги бўлинмалари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган сессияда шаҳар-туманлар студияларидан ҳам тегишли мутасаддилар қатнашишди. Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб борди.  

Сессияда дастлаб вилоятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳолати юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи М.Миралимовнинг ҳисоботи тингланди.  

Таъкидланишича, вилоятда жорий йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида содир этилган жиноятлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, ҳар бир жиноят юзасидан маҳаллаларнинг ўзида сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар иштирокида таъсирчан муҳокамалар ўтказилган ва келгусида маҳаллаларда шу турдаги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган. Профилактик тадбирлар давомида ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахсларга алоҳида эътибор қаратилиб, ички ишлар органлари ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг профилактик ҳисобида турган 46 мингдан ортиқ алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган шахсларнинг ҳар бири билан манзилли ишлар ташкил этилган ҳамда улар билан суҳбатлашиш жараёнида аниқланган ижтимоий-маиший муаммолар ижобий ҳал қилинган. Амалга оширилган ишлар натижасида вилоятдаги 544 та маҳалланинг 325 тасида жиноят содир этилмаган. 

Шунингдек, вилоятда йўл инфратузилмасини яхшилаш, янги йўл белгилари ўрнатиш ва йўл чизиқлари ётқизиш натижасида йўл ҳаракати иштирокчиларига қулайликлар яратилмоқда. Пировардда инсон тақдири, унинг ҳаёти ва соғлигини асрашда ижобий натижаларга эришилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда жами содир этилган йўл транспорти ходисалари 55 та қайд этилиб, 28 тага ёки 33,7 фоизга камайган. Шунингдек, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 2 тага ҳамда тан жароҳати билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сони 26 тага камайган.

Соҳада амалга оширилган ижобий натижалар билан бир қаторда ҳудудларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш борасида жиддий камчиликларга йўл қўйилган. Тегишли соҳа раҳбарлари ва мутасаддилар томонидан ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этишда сусткашликларга йўл қўйилганлиги натижасида 2023 йилнинг 4 ойи мобайнида вилоятда жами 1 минг 415 та жиноятлар қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан 21 тага ёки 1,5 фоизга, шундан жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 68 тага ёки 7,8 фоизга кўпайган. 

Қайд этилишича, содир этилган 1 минг 415 та жиноятнинг 702 таси ёки 49,6 фоизи Бухоро шаҳри, Ғиждувон ва Бухоро туманлари ҳиссасига тўғри келиб, ушбу ҳудудларда жиноятлар салмоғи юқорилигича қолмоқда. Вилоятда қайд этилган жиноятлар 100 минг аҳоли сонига нисбатан ўртача 70 тадан тўғри келган бир вақтда Қоровулбозор туманида 231 тадан, Бухоро шаҳрида 143 тадан, Когон шаҳрида 118 тадан, Когон туманида 71 тадан тўғри келиб, вилоят кўрсаткичидан салбий натижа қайд этган.

Маҳаллаларда олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан қизил тоифага киритилган маҳаллалар сони ортиб бормоқда. Жорий апрель ойи ҳолатида қизил тоифадаги маҳаллалар сони 93 тани ҳамда сариқ маҳаллалар сони 126 тани ташкил этмоқда.  

Шунингдек, вилоятда жорий йилнинг 4 ойи давомида ёшлар, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ошган. Хусусан, 2023 йил 4 ойда ёшлар томонидан 363 та жиноятлар содир этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 тага, вояга етмаганлар томонидан 67 та жиноятлар содир этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53 тага ҳамда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 165 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53 тага кўпайган. Шунингдек, жиноят содир этишда иштирок этган хотин-қизлар 142 нафарни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 нафарга ошган. 

Навбатдаги масалада вилоят табиат ресурслари бошқармаси бошлиғи Мурод Умаров “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятда амалга оширилган ишларнинг натижадорлиги тўғрисида ҳисобот берди.  

Қайд этилишича, жорий йил “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жами 10.022 млн дона дарахт ва бута кўчатлари экилиб, режага нисбатан 103,2 фоизни ташкил этган. Амалга ошириш борасида назорат штаби, мониторинг гуруҳлари ташкил қилиниб, кунлик маълумотлар вилоят ҳокимлигига тадим этиб борилган ва вилоят ҳокими ҳамда ҳоким ўринбосарлари бошчилигида ўтказиладиган йиғилишларда муҳокама қилинган. Вилоят бўйлаб барча ташкилотлар ва масъуллар томонидан экилган кўчатлар туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларида ташкил этилган штаблар томонидан “Yashil makon” электрон платформасига киритилган ва Бухоро вилояти табиат ресурслари бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари масъул ходимлари томонидан жойида чиққан ҳолда дарахтларнинг сони, майдони, суғориш тизими мавжудлиги, фото-сурати, геолокатцияси киритилган ҳолда тасдиқланган.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5863-сон Фармони асосида дарахтларни кесишга мораторий жорий қилиниб, мараторий амал қилиш даврида ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган 78 хил турдаги қимматбаҳо дарахтлар ва буталар навларининг кесилишига рухсатнома бериш ман этилган. Юқоридаги Фармон ва қарорларда мараторий эълон қилиниши ва дарахтларни асраб қолиш борасида амалга оширилган ишларга қарамасдан, вилоят ҳудудида 2023 йил 1 май ҳолатида 148 та ҳеч қандай рухсатномасиз дарахт кесиш ҳолатлари аниқланиб, 148 нафар шахларга нисбатан 225,3 млн.сўм маъмурий жарима ва 233 млн 837 минг сўм табиатга етказилган зарар суммалари қайд этилган.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги  “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил етиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-46-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги  “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 464-сонли қарорида белгиланган талабларни бажарилишини таъминлаш, экилган дарахт ва бута кўчатларини суғориш ва озиқлантириш ишларини амалга ошириш мақсадида барча соҳа масъулларига кўрсатма хатлари юборилган.

Аниқланган камчиликлар ҳамда белгиланган талабларни бажармаган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 3-қисми “Юридик шахсларга тегишли бўлган ёки ўзларига бириктирилган ҳудудларда дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қонунчиликда белгиланган чораларни кўрмаганлик” учун ҳозирги кунда 6 та ҳолатда 19 млн 200 минг сўм жарима қўлланилган.

Кун тартибидаги навбатдаги масала  Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шерикчилик бўйича жамоат комиссияси ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятининг самарадорлиги тўғрисида Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шерикчилик комиссияси раиси Абира Хусейнованинг ахбороти тингланди.  

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сонли қарорига асосан халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик жамоат фондига 2021йил учун 1 млрд сўм ва 2022 йил учун вилоят жамоат фондига 1 млрд 50 млн. сўм маблағлар ажратилиб, ушбу маблағлар ижтимоий шериклик комиссияси томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларинининг давлат грантлари ва ижтимоий буюртма шаклидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилган.

2022 йил давомида “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури ижросини таьминлашда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш” мавзусида давлат гранти ажратиш учун биринчи очиқ танловлар, “Маҳаллаларда аҳоли билан олиб бориладиган ишларда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида 2-танлов ҳамда “Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда жамоатчилик назоратини амалга ошириш” мавзуларида Давлат гранти ажратиш учун 3-танловлар эълон қилиниб, ушбу танловларда 61 та лойихалар тақдим этилган. Комиссиянинг тегишли қарори асосида 20 та нодавлат нотижорат ташкилотларига 1 млрд 50 млн. сўм маблағлар грант учун ажратилган. Шундан, 13 та нодавлат нотижорат ташкилотлари, 3 та маҳалла фуқаролар йиғини, 2 та миллий-маданий марказлар ва 2 та оммавий ахборот воситаларига грант маблағлари ажратилган.

Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 3-Бухоро округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. 

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Ботир Зарипов округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар рўйхатини ўқиб эшиттирди.

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди.  

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди. 

Slide 1 of 19