Бобур 1483 йили 14 февралда Андижон шаҳрида, Фарғона улусининг ҳокими Умаршайх Мирзо ва асли чингизийлардан бўлган малика Қутлуғ Нигор Хоним оиласида дунёга келади. “Бобур” сўзи форсий тилидан “бабр”, яʼни “барс”,“йўлбарс” деган маънони билдиради. Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо Соҳибқирон Амир Темур авлодидан. Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ Мирзонинг эвараси бўлган. Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигор-Хоним мўғул хонларидан бири Юнусхоннинг қизи бўлган.
Бобур ҳукмронлиги даврида Ҳиндистон гуллаб-яшнайди. Адабиёт, санʼат, шаҳарсозлик ривожланади. Унинг ўғиллари ва авлодлари даврида Ҳиндистон қудратли мамлакатлардан бирига айланди. Бобурнинг авлодлари бобосининг бунёдкорлик ишларини муносиб давом эттиришади. Мамлакатда мукаммал маънавий-руҳий муҳит вужудга келади. Ҳиндистон тарихида Бобурнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Йирик ҳинд олими Жавоҳарлаъл Неру у ҳақида шундай дейди: “Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санʼатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди”.